Швейцария Гулнора Каримованинг 252,5 млн долларлик активларини Ўзбекистонга қайтаради 24 ноябрь куни Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида ноқонуний ўзлаштирилган активларнинг навбатдаги қисмини қайтариш бўйича битим тасдиқланди. Ҳужжат Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фазилкаримов, Швейцария элчиси Симоне Гигер ҳамда БМТнинг мамлакатдаги доимий координатори Сабине Мал томонидан имзоланди. Маблағлар «Ишонч — 2030» траст жамғармаси орқали қайтарилиб, икки асосий йўналишга сарфланади: Соғлиқни сақлаш: болалар ва ўсмирлар тиббиётини яхшилаш, касалликларни эрта аниқлаш, онкологик хизматларни кенгайтириш ва шифокорлар малакасини ошириш; Таълим: янги мактаблар қуриш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда ўқитувчилар малакасини ошириш. Бунда асосий эътибор қишлоқ ҳудудлари ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти чекланган аҳоли қатламларига қаратилади. Лойиҳалар ижроси ва маблағларнинг мақсадли сарфланиши БМТ ҳамда Жаҳон банки томонидан мониторинг қилинади. Маълумот учун, стратегиянинг биринчи босқичида ушбу соҳаларга 87 млн доллар йўналтирилган эди. Умумий ҳисобда «Ишонч» жамғармаси орқали Ўзбекистонга қайтарилаётган маблағлар ҳажми 313 млн долларни ташкил этмоқда. @burgutuzb
- 48
- 30
- 7
- 4
- 2