«Яшил макон»: нега кўчатлар сони эмас, тутиб кетгани муҳим? Ўқиш вақти: 2 дақиқа Қисқаси: Президент ўтказган 18 ноябрдаги йиғилишда баҳорда экилган кўчатларнинг учдан бир қисми нобуд бўлгани, айрим жойларда эса амалда экилмаган кўчатлар ҳисоботларга киритилгани кескин танқид қилинди. Президент таъкидлади: асосий мезон сон ортидан қувиш эмас, кўчатларнинг тутиб кетиши ва узоқ йиллар давомида ўсишини таъминлаш бўлиши лозим. Нима бўлган эди. Йиғилишда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ижроси танқидий кўриб чиқилди. Кузги кўчат экиш мавсуми 8 ноябрда бошланганига қарамай, айрим ҳудудларда ишлар суст ташкил этилаётгани билдирилди. Рақамларда. — баҳорда экилган кўчатларнинг учдан бир қисми нобуд бўлгани танқид қилинди; биз ҳисоблаб чиқдик: тутиб кетгани — қарийб учдан икки қисми; — жорий йилда экиладиган кўчатларнинг камида 90–95 фоизи тутиб кетишини таъминлаш топширилди; — ҳар бир маҳаллада аҳоли жон бошига камида уч тупдан дарахт экиш вазифаси қўйилди; — Тошкент, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида белгиланган режалар ижроси қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди. Нега шундай. Кўчатлар нега нобуд бўлгани йиғилиш хабарида айтилмаган. Йиғилишда эса ҳар бир ҳудуднинг иқлими ва тупроқ шароитидан келиб чиқиб сувсизлик, иссиқлик ва шўрланишга чидамли дарахт турларини танлаш, суғориш тизимларини яратиш ҳамда кўчатларни доимий парваришлаш зарурлиги қайд этилди. Сувни кўп сарфлайдиган чим экиш ўрнига тожихўроз, райҳон, жамбил каби ўсимликлар ва маҳаллий буталарни экишга устувор эътибор қаратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Энди нима бўлади. Масъулларга кўчатларнинг тутиб кетишини таъминлаш, аввалги йилларда барпо этилган яшил майдонларни сақлаш ва парваришлаш бўйича аниқ чоралар кўриш топширилди. Маҳаллий гул ва манзарали ўсимликларни кўпайтиришга ихтисослашган кўчатхоналар ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Маҳалла раислари ва ўрмон хўжалиги ходимларининг масъулиятини кучайтириш вазифаси қўйилди. #Нега · ZAMON
- 4
- 1