Мактабга бир йиллик тайёрлов: қонун лойиҳаси Сенатга юборилди Аввал: 22 ноябрдаги постда лойиҳа биринчи ўқишдан ўтгани ва аттестатга «12 йиллик таълим» ёзилиши таклиф этилгани ҳақида ёзган эдик. Янгилик: Қонунчилик палатаси 24 ноябрда лойиҳани иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилиб, Сенатга юборди. Лойиҳа бир йиллик тайёрловни умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи деб белгилайди ва болаларнинг бу тайёрловдан ўтиш ҳуқуқини кафолатлайди. Шу куни таълим сифатини назорат қилувчи давлат инспекцияси саволларга изоҳ берди: давлат боғча ва мактабларида тайёрлов бепул, хоҳлаган ота-она болани хусусий ташкилотда шартнома асосида ўқитиши мумкин. Ҳозир олти ёшли болаларнинг 98 фоизи (726 921 нафар) қамраб олинган. Қамровни 100 фоизга етказиш учун тахминан 800 та гуруҳ ва 20 мингга яқин қўшимча ўрин керак, харажатлар 2027 йил бюджетида назарда тутилади. Энди: Сенат қонунни кўриб чиқади, санаси ҳозирча маълум эмас. Таълим сифати, педагоглар салоҳияти ва дастурлар масаласи қонун қабул қилингач, қонуности ҳужжатида ҳал этилади. #Давоми · ZAMON
- 3
- 1