MILITSIYA UZB | Расмий канал@MILITSIYA_UZBПроисшествия9 ноября 2026, 04:40
  • Фото поста канала  MILITSIYA UZB | Расмий канал

14 МИНГ ТАЛАБА ТАҚДИРИ — КИМ ЖАВОБГАР? 960 НАФАР ТАЛАБА ҲEМИС ТИЗИМИСИЗ ҚАНДАЙ ТАЪЛИМ ОЛМОҚДА? Навоий инновациялар университети атрофида кўтарилаётган муаммолар бир марталик эътироз ёки ички ташкилий келишмовчилик эмас. Бу — минглаб талабалар келажаги, ота-оналарнинг маблағи, таълим сифати ва қонунийлик масаласидир. EFFECT.UZ нашрининг 2026-йил 2-ноябрдаги суриштирувида университет фаолиятига доир қатор жиддий саволлар кўтарилди. Биноларнинг ҳуқуқий мақоми, моддий-техник база, давлат мулкидан фойдаланиш, молиявий шаффофлик, ўқитувчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви юзасидан келтирилган маълумотлар ваколатли органлар томонидан холис текширилиши шарт. Бироқ бугун бундан ҳам жиддий бир савол кун тартибида турибди: ҲEМИС тизимига киритилмаган 960 нафар талабанинг тақдири нима бўлади? Улар қайси ҳуқуқий асосда таҳсил олмоқда? Уларнинг дарс машғулотлари, давомат кўрсаткичлари, ўзлаштириши ва якуний аттестацияси қандай расмийлаштирилади? Энг муҳими, бу ёшларнинг бугунги таълими эртага диплом олиш, академик ҳуқуқлар ва келгусидаги фаолиятига муаммо туғдирмаслигига ким кафолат беради? Агар ушбу маълумот тасдиқланса, бу шунчаки техник камчилик эмас, балки мингга яқин талабанинг таълим ҳуқуқи ва академик келажагига дахлдор жиддий масаладир. Апрель ойида вазирлик томонидан текширув белгиланган. Май ойида давлат мулкидан фойдаланиш бўйича расмий ҳужжатлар юзага келган. Жамоатчиликка эса ҳанузгача кўплаб саволларнинг аниқ ва ҳужжатли жавоби тақдим этилгани йўқ. Савол: яна қанча мурожаат, қанча эътироз ва қанча далил керак? Университет раҳбарияти ўз фаолиятини шаффоф ташкил этиш, талабалар ҳуқуқларини таъминлаш ва қонун талабларига риоя қилиш ўрнига, билдирилаётган эътирозлардан тегишли хулоса чиқармаётган бўлса, бунга ваколатли давлат органлари ҳуқуқий баҳо бериши керак. ТАЛАБ ҚИЛАМИЗ: 1. ҲEМИС тизимига киритилмаган 960 нафар талабанинг ҳуқуқий мақоми ва таълим жараёнини зудлик билан ўрганиш, уларнинг академик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. 2. Университетнинг лицензияси, таълим манзиллари, биноларининг қонуний мақоми ва моддий-техник базасини комплекс текшириш. 3. 2022–2026-йиллардаги молиявий фаолият, шартнома тушумлари ва харажатларини мустақил аудитдан ўтказиш. 4. Раҳбарият фаолиятидаги эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви, кадрлар тайинлови ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги мурожаатларни холис текшириш. 5. Агар қонунбузилишлар тасдиқланса, университетнинг масъул раҳбарларига нисбатан лавозимидан қатъи назар, қонуний чоралар кўриш. 6. Текширув натижалари ва аниқланган ҳолатлар юзасидан жамоатчиликка очиқ, асослантирилган расмий ахборот бериш. Биз ҳеч кимни олдиндан айбдор деб эълон қилмаймиз. Аммо жиддий мурожаатларни эътиборсиз қолдиришни ҳам мумкин деб ҳисобламаймиз. Қонунбузилишлар ҳақидаги ҳар бир даъво текширилиши, тасдиқланган ҳар бир ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиши шарт. Унутманг: 960 нафар талаба — бу ҳисоботдаги рақам эмас. Уларнинг ортида 960 та келажак, минглаб ота-оналарнинг ишончи ва меҳнати турибди. Университет ҳеч кимнинг шахсий мулки ёки хусусий манфаатларини амалга ошириш майдони эмас. У таълим бериш, қонунларга риоя қилиш ва ёшлар келажаги учун масъул муассасадир. Энди изоҳ эмас, аниқ натижа керак. Ваъда эмас, ҳужжат керак. Сукут эмас, қонуний қарор керак! Ваколатли органлардан ушбу масалани шахсий мурожаатлар даражасида эмас, балки минглаб ёшларнинг таълим ҳуқуқига дахлдор жиддий масала сифатида назоратга олишни сўраймиз.

  • 24
  • 12
  • 9
  • 1