Ўзбекистонлик ёзувчи Ҳамид Исмоилов 2026 йилги Нобель мукофотининг номзодлар рўйхатига кирди Ўзбекистонлик ёзувчи Ҳамид Исмоилов 2026-йилги адабиёт бўйича Нобель мукофотининг эҳтимолий номзодлар рўйхатига кирди. Рўйхатда Исмоиловдан ташқари, Ҳаруки Мураками, Маргарет Этвуд, Салмон Рушди, Девид Гроссман, Жоан Роулинг, Стивен Кинг каби жаҳонга машҳур муаллифлар ҳам бор. Нобель мукофотининг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, адабиёт бўйича номзодлар ва уларни кўрсатган шахслар ҳақидаги маълумотлар 50 йил давомида махфий сақланади. Нобель мукофотининг расмий базасида ҳам янги номзодлар ҳақидаги маълумотлар шу муддат ўтгачгина очиқланиши қайд этилган. Шу боис ҳозирги пайтда Ҳамид Исмоиловнинг 2026-йилги мукофот учун расман кўрсатилганини тасдиқлашнинг имкони йўқ. Ҳамид Исмоилов ўзбек ва рус тилларида ижод қилади, асарлари инглиз, турк, немис, француз тилларига таржима қилинган. У 2019-йилда «The Devil's Dance» («Жинлар базми») романи учун EBRD адабиёт мукофотига сазовор бўлган. Унинг «Wе Computers» асари эса 2026 йилги EBRD адабиёт мукофоти қисқа рўйхатига киритилган. Таниқли ўзбек шоири, ёзувчиси ва журналисти Ҳамид Исмоилов 1954 йил 5 майда Қирғизистоннинг Фрунзе (ҳозирги Чуй) вилояти Тўқмоқ шаҳрида туғилган. Исмоилов ҳарбий алоқа билим юртини, кейинчалик Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) бир нечта факултетларини (биология, ҳуқуқ, менежмент) тамомлаган. 1992 йилда Исмоилов Ўзбекистондан чиқиб кетган, шундан бери у Лондонда яшаб келади. 2006 йилда унинг «Темир йўл» романи таниқли ёзувчи Роберт Чандлер томонидан инглиз тилига таржима қилиниб, Лондонда нашр этилди. Ҳамид Исмоилов шеърлари Ингеборга Балдауф ва Зигрид Клейнмихел томонидан немис тилига таржима қилинган. 2026 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти 8 октябр куни Стокҳолмда эълон қилинади. Ғолибга 12,0 миллион швед кронаси (тахминан, 1,2 миллион доллар) топширилади. @burgutuzb
- 34
- 21
- 10
- 8